Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (Sustainable Development Solutions Network — SDSN) халқаро ташкилотига аъзо бўлди, ушбу ташкилот БМТ Бош котиби шафелигида фаолият юритади ҳамда дунё бўйлаб 2 200 дан ортиқ илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа ташкилотларни бирлаштиради. SDSN тармоғига аъзолик Марказ учун етакчи хорижий университетлар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий ва экспертлик лойиҳаларини амалга ошириш, илғор халқаро тажриба алмашиш, халқаро тадбирларда иштирок этиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун янги имкониятлар яратади. Мазкур аъзолик давлат активларини бошқаришни такомиллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, ЭСГ тамойиллари ва корпоратив ижтимоий масъулиятни (CСР) жорий этиш соҳаларидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (СДГс) эришишга қаратилган илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.

