Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

05 Ноябрь 2025

“MobiUz”нинг халқаро савдо жараёнида 10 та мажбурий бўлмаган нарх таклифлари қабул қилинди

Жорий йил 14 августдаги эълонга мувофиқ“Universal Mobile Systems” МЧЖ (кейинги ўринларда – Жамият) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини халқаро очиқ савдо жараёнлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, халқаро савдо жараёнини самарали ва шаффоф ташкил этиш мақсадида:

  • стратегик ва молиявий консультант сифатида – “Rothschild & Co”;
  • молиявий консультант сифатида, шунингдек молиявий, солиқ ва юридик экспертиза (vendor due diligence) учун – “KPMG”;
  • мустақил баҳоловчи сифатида – “Deloitte” халқаро компаниялари жалб этилган.

Савдо жараёнининг дастлабки EoI босқичида белгиланган муддатда АҚШ, Европа, Араб давлатлари, Яқин Шарқ, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё минтақаларидан 15 та компаниялардан (хорижий ва маҳаллий) Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (EoI) Консультантларга келиб тушган ҳамда уларнинг барчаси кейинги – NBO босқичига ўтказилган эди.

NBO босқичида қўшимча салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ишлари давом эттирилиб, EoI аризаларини қабул қилиш жараёнига кейинроқ яна 1 нафар хорижий компаниядан ҳам EoI аризаси келиб тушган ва NBO босқичига киритилган.

Мазкур босқичда талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)лар имзоланган ҳамда уларга Виртуал маълумотлар хонаси (VDR) орқали Жамият фаолиятига оид умумий маълумотлар ва таҳлилий маълумотлар тўплами (Information memorandum) билан танишиш имконияти яратилган. Шунингдек, Консультантлар томонидан талабгорларнинг саволларига жавоб берилган.

NBO босқичида белгиланган муддат – жорий йил 15 октябрга қадар 10 та талабгорлардан Мажбуриятга эга бўлмаган нарх таклифлари (NBO) тақдим этилди.

Консультант томонидан NBO босқичида ариза берган барча талабгорларга индивидуал равишда хабарнома юборилади, шунингдек, BO босқичига ўтказилган талабгорларга эса жараён хати (Process letter) орқали навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот етказилади.

Савдо жараёнининг сўнгги босқичи тўғрисида:

Талабгорларга Мажбуриятга эга бўлган таклифларини (BO) тайёрлаш учун Консультантлар томонидан тайёрланган Жамиятнинг молиявий, солиқ ва юридик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлари (vendor due diligence) жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш, шунингдек, Жамиятга ташриф буюриш ва унинг фаолияти билан танишиш имконияти яратилади.

Шунингдек, BO аризаларини тақдим этишдан аввал, Консультант томонидан иштирокчиларга Жамиятни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича савдонинг асосий шартлари тўғрисидаги Битим (Term Sheet) имзолаш учун тақдим этилади.

Консультант томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO2025 йил 19 декабрь соат 23:59 (Тошкент вақти билан)га қадар қабул қилинади.

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.

“E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хат (Process Letter) орқали етказилади.

Давлат активлари агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда NBO босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.

Дисклеймер

Давлат активлари агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлигининг Жамиятни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

 (i) Савдо жараёнининг барча босқичлари муддатларига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) аниқ сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

12 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech