Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Ноябрь 2026

Ўзбекистон делегацияси давлат активлари бўйича германиянинг илғор тажрибасини ўрганмоқда

Германия Федератив Республикасига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси давлат активларини бошқариш, давлат иштирокидаги корхоналар самарадорлигини ошириш ҳамда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир илғор ёндашувларни атрофлича ўрганмоқда.

Биринчи иш кунининг асосий тадбирларидан бири, Германия Федерал молия вазирлигига ташриф бўлди. Вазирлик рахбарияти билан доктор Кристина Класс ва ГИЗ лойиҳаси директори доктор Бертолд Фолберг билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон делегацияси давлат активларини бошқаришнинг институционал асослари, шунингдек, давлат томонидан мулкдор функцияларини амалга оширишнинг амалий механизмлари билан танишди.

Корпоратив бошқарув самарадорлигини ошириш ва давлат корхоналари бошқарув органларининг масъулиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мавзуга оид семинар доирасида кузатув кенгашлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, аъзоларнинг ваколат ва масъулиятини белгилаш, шунингдек, давлатнинг мулкдор сифатидаги функцияларини ва корхоналарнинг оператив бошқарувини бир-биридан ажратиш бўйича Германия ёндашувлари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида, шунингдек, давлат улушларини бошқаришнинг ҳуқуқий ва институционал механизмлари, Германия корпоратив бошқарув кодексининг (ДCГК) асосий тамойиллари ва уларни Ўзбекистон давлат секторини ислоҳ қилиш шароитида амалда қўллаш имкониятлари ўрганилди.

Олмон тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон давлат корхоналарини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш, институционал масъулиятни мустаҳкамлаш ва давлат активларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Ташриф дастури доирасида делегация вакиллари, шунингдек, Германия Федерал кўчмас мулкни бошқариш агентлиги (БИмА) вакиллари билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон томони агентлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ташкилий модели ҳамда давлат кўчмас мулкини самарали бошқаришга оид ёндашувлар билан танишди.

Ушбу амалий ташриф Ўзбекистон ва Германиянинг соҳавий давлат институтлари ўртасидаги профессионал мулоқотни мустаҳкамлашга, амалий билимлар алмашинувини кенгайтиришга ҳамда давлат активларини бошқаришнинг халқаро стандартларини жорий этиш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Олинган билимлар ва ўрганилган амалиётлар давлат активларини бошқаришнинг миллий моделини янада такомиллаштириш, бошқарув жараёнларининг шаффофлигини ошириш ҳамда масъулиятли давлат мулкдорининг самарали фаолияти тамойилларини мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлади.

Ўзбекистон делегациясининг Германияга амалий ташрифи 5-ноябргача давом этади. Кейинги кунларда давлат кўчмас мулки ва ер ресурсларини бошқариш, шунингдек, хусусийлаштириш жараёнларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича олмон тажрибасини ўрганиш режалаштирилган.

14 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech