Мустақилликнинг 35 йили давомида Ўзбекистон иқтисодиёти кенг кўламли трансформация йўлини босиб ўтди. Ушбу жараённинг муҳим йўналишларидан бири давлатнинг катта ҳажмдаги активларни бошқаришдаги устун ролини босқичма-босқич ўзгартириш ҳамда хусусий капитал, тадбиркорлик ва инвестициялар етакчи ўрин тутадиган шароитларни шакллантириш бўлди.
Давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур трансформация натижалари бугунги кунда аниқ кўрсаткичларда ўз аксини топмоқда. Ушбу жараёнлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди. 2023-йилда янги “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонун, 2024-йилда эса “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Хусусийлаштириш ҳажми 55 бараварга ошди
Сўнгги йилларда давлат активларини хусусийлаштириш кўлами сезиларли даражада кенгайди.
2020-йилгача бўлган 10 йил давомида хусусийлаштиришдан тушган маблағлар атиги 1,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2020–2025-йилларда ушбу кўрсаткич 77,6 трлн сўмга етди.
Хусусийлаштириш жараёнларига халқаро амалиётга мос замонавий механизмлар жорий этилмоқда. Жумладан, “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 2021–2025-йилларда давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга қисқартирилди.
Йирик давлат активларига хусусий капитал жалб қилинмоқда
Йирик ва стратегик активларни хусусийлаштириш орқали иқтисодиётга хусусий ва хорижий капитални жалб этиш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди.
Жумладан, Coca-Cola Узбекистан 252 млн АҚШ долларига, Ипотека банк 324 млн АҚШ долларига, Самарқанд автомобил заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи эса 80 млн АҚШ долларига сотилди.
Мазкур битимлар давлат активларини самарали бошқариш, хусусий инвесторларни жалб этиш ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижаларини кўрсатади.
Замонавий риелторлик хизматлари бозори шаклланмоқда
2026-йилда “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилиниб, бозорни тартибга солишнинг янада шаффоф ва рақамли моделига ўтиш назарда тутилди. Қонун билан бозор иштирокчиларининг Ягона реестри ва мулк объектларини биргаликда таклиф қилиш имконини берувчи мультилистинг тизими жорий этилмоқда. Бу риелторларга хизматларни “ягона ойна” тамойили асосида кўрсатиш, харидорлар, сотувчилар ва бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириш имконини беради.
Риелторлик ташкилотлари кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни амалга оширишга кўмаклашиш, савдоларни ташкил этиш, ишончли бошқарув, шунингдек, ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади.
Ер бозорида фаоллик ҳам ортмоқда
Ер участкаларидан фойдаланиш ва уларни хусусийлаштириш соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. 2022–2025-йилларда мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида аукционларга чиқарилган ва реализация қилинган ер участкалари ҳажми қарийб 4 бараварга ошди.
2026-йилнинг биринчи ярмида 1,8 минг гектар ер участкаси реализация қилинди. Бу 2022-йилдаги йиллик кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича мурожаатлари сони 2022-йилга нисбатан қарийб 5 бараварга ошди.
“E-auksion” орқали қарийб 1,5 млн объект савдога чиқарилди
Давлат активларини реализация қилиш жараёнларида рақамли механизмлардан фойдаланиш кўлами ҳам кенгаймоқда.
Бугунги кунга қадар “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 млн объект савдога чиқарилди, шундан 1,2 млн дан ортиғи реализация қилинди.
Тадбиркорларнинг давлат активларини харид қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир қатор янги механизмлар жорий этилди. Жумладан, актив қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш, белгиланган ҳолларда чегирмалардан фойдаланиш, шунингдек, давлат мулкини кейинчалик тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти билан узоқ муддатли ижара асосида олиш имкониятлари яратилди.
2030-йилгача давлат иштирокини янада қисқартириш режалаштирилган
Ислоҳотларнинг кейинги босқичида иқтисодиётда нодавлат сектор улушини янада ошириш ва давлат иштирокини қисқартириш асосий йўналишлардан бири бўлиб қолади.
2030-йилга қадар нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 бараварга қисқартириш режалаштирилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат мулкидан самарали фойдаланиш, хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини ошириш, хусусий капитал ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати

