Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

09 Декабрь 2025

Давлат активлари агентлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни ҳамда Аксилкоррупция ойлиги доирасида давра суҳбати ўтказилди

Давлат активларини бошқариш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги ҳамда “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Давлат активлари агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этди. Мазкур учрашув Давлат активлари агентлиги директори ўринбосари раислигида ташкил этилиб, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Саломат Ниёзова ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти, юридик фанлари номзоди Рафик Шакуров маърузачи сифатида таклиф этилди.

 

 

Тадбир давомида Конституция қабул қилинганининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган инсон қадри, тенглик, эркинлик ва адолат тамойилларининг давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ёритиб берилди. Шунингдек, Давлат активлари агентлиги ходимларининг ушбу қадриятларни жамиятга етказишдаги масъулияти алоҳида таъкидланди.

 

 

Рафик Шакуров Конституциянинг янги таҳрири демократик тамойилларни амалиётга янада чуқурроқ татбиқ этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратганини, хусусан давлат органлари фаолиятида очиқлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мулк дахлсизлиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган нормаларнинг долзарблигини таъкидлади. У Конституцияда белгиланган асосий тамойиллар Давлат активлари агентлиги фаолиятида ҳам кундалик иш жараёнининг ажралмас қисмига айланиши зарурлигини айтиб ўтди.

 Давра суҳбатининг иккинчи қисмида коррупцияга қарши курашиш масалалари, хусусан Аксилкоррупция ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. 2025 йилда Давлат активлари агентлиги марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларидан жами 375 нафар ходим “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформасида малака оширгани, тизимда ахборот очиқлигини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича янгиланган ички тартиб ва ҳужжатлар жорий этилгани маълум қилинди.

 

 

Мазкур йўналишда тақдимот қилган Саломат Ниёзова коррупциянинг ижтимоий оқибатлари, давлат хизматидаги очиқлик ва ҳисобдорликнинг аҳамияти ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда халқаро тажриба ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у коррупцияга қарши курашиш маданиятини кучайтириш учун тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳимлигини қайд этди.

 Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш ва давлат хизматида шаффофликни таъминлаш Давлат активлари агентлиги фаолиятининг доимий устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Шунингдек, Конституцияда белгиланган тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг ишончини ошириш ва давлат бошқарувида очиқликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

131 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech