Бугун, Андижон вилояти Андижон шаҳрида Давлат активларини бошқариш агентлигининг анъанавий равишда кетма-кет олтинчи йил ўтказилаётган Roadshow тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар, инвесторлар ва кенг жамоатчиликка ҳудудда хусусийлаштирилаётган давлат активлари, ер участкалари ва яратилаётган янги имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Roadshow тақдимотида Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Алимжанов, «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ Андижон вилоят ҳудудий вакили Акмал Турдиев, Давлат мулки объектлардан самарали фойдаланиш маркази Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Араббоев, Андижон вилояти ҳокимлиги вакили Аброр Қирғизбаев ҳамда Андижон вилоятининг ташкилотлари раҳбарлари, 400 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва инвесторлар ҳамда ҳудуддаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар.
Тақдимотда Давлат активлари агентлиги томонидан давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Алимжанов ўз нутқида шундай таъкидлади:
«2026 йилларда фуқаролар ва тадбиркорларга доимий фойдаланишда, ижарада ва умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида бўлган умумий майдони 22.1 гектарлик 96 та ер участкаси 5.53 млрд сўмга хусусийлаштирилди. Натижада фуқаролар ва тадбиркорлар ушбу ер участкаларини гаровга қўйиш ёки бўлиб-бўлиб сотиш имкониятига эга бўлдилар».
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2026-йил давомида савдоларга 208.6 млрд сўмлик 64 та давлат активи чиқарилиб, шундан 26 та актив 120.6 млрд сўмга реализация қилинди. Ҳозирги вақтда аукцион савдоларида жами 118 млрд сўмлик 38 та давлат активи турибди. Бундан ташқари, 2026 йилда электрон онлайн-аукционлар орқали умумий майдони 161 гектарлик 984 та ер участкаси 120,7 млрд сўмга сотилди. Бугунги кунда умумий майдони 147,6 гектарлик ер участкаларининг электрон онлайн-сотувлари давом этмоқда.
Тадбирда Президентнинг 177-сонли Фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган Хусусийлаштириш дастури доирасидаги янги имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари харид қилинганда 15 фоиз миқдорида бўнак (аванс) тўланиши назарда тутилган бўлиб, қолган сумма қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин. Бундан ташқари, Андижон вилоятидаги давлат кўчмас мулк объектлари учун уларнинг қиймати 2027 йил 1 январгача олти ой давомида тўлиқ тўланганда шартнома қийматидан 25 фоиз миқдорида чегирма берилиши белгиланган. Ушбу имкониятлар тадбиркорлар ва инвесторлар учун янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бизнесни кенгайтиришда муҳим кўмак бўлади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги
матбуот хизмати

