АНДИЖОН ТУМАНИДА 100 ЎРИНЛИ ЯНГИ ЗАМОНАВИЙ БОЛАЛАР БОҒЧАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Бугун Андижон тумани Толмазор маҳалласи аҳолиси учун Маҳаллада бўш турган бино замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, 100 ўринли «Modern Kids» номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Андижон тумани ҳокимлиги масъул вакиллари ҳамда маҳалла нуронийлари иштирок этиб, боғчада болажонлар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишдилар.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳа бўш турган давлат мулкидан самарали фойдаланишнинг амалий намунасидир. Мазкур бино Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 ноябрдаги ПҚ-395-сон қарори ҳамда электрон онлайн-аукцион натижаларига асосан, 2025 йил 29 апрелдаги DA-1266429-сонли баённома билан белгиланган шартлар асосида 951,2 миллион сўмга сотилган.
Инвестиция мажбуриятларига мувофиқ, инвестор томонидан 12 ой давомида 8 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 35 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Шунингдек, объектдан нодавлат таълим муассасаси сифатида фойдаланиш ва ушбу фаолият турини сақлаб қолиш шарти назарда тутилган.

Ушбу ташаббус нафақат бўш турган давлат мулкини иқтисодий муомалага жалб этиш, балки маҳаллада янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва болалар учун сифатли мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлат мулкидан самарали фойдаланиш — янги имкониятлар, янги иш ўринлари ва аҳоли фаровонлиги сари муҳим қадам!

