Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активлари агентлиги томонидан “Portfolio Investments” консалтинг компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилинган ҳолда “Avto Climate Control” МЧЖ (кейинги ўринларда – Актив) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари ўтказилди.
Хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ва тарғибот ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 4 нафар инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди ва барча талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Ушбу босқичда, талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due-diligence) ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ва Активнинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда 3 нафар талабгор томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинди ва Активни сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “Best Pipe and Parts” МЧЖ 230 млрд сўм сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди. “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасида белгиланган имкониятдан фойдаланган ҳолда, Харидор сотиб олиш тўловининг дастлабки 35 фоизини 1 ой давомида амалга оширади.
Шу билан бирга, Активнинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси (АҚШ) томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва “General Motors” технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидаги "Бош Альянс" келишувида ўрнатилган талаблар ҳамда бошқа тегишли келишув ва чекловларга қатъий риоя қилиш каби шартлар Харидор томонидан қабул қилинган.
Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Активнинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда баҳоланган қийматидан юқори.
Активни хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Давлат активлари агентлиги мазкур савдо жараёнларида иштирок этган барча томонларга ўз миннатдорчилигини билдиради, шунингдек, якуний босқичда иштирок этган талабгорларга Консультант томонидан унинг натижаси бўйича индивидуал хабарномалар юборилади.