Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
директори Муродов Соҳибжон Ғофуржоновичнинг коррупцияга қарши
курашиш бўйича жамоатчилик ва тизим ходимларига
МУРОЖААТИ
Қадрли юртдошлар, ҳурматли ҳамкасблар!
Барчангизга маълумки, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муҳтарам Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида келтирган қуйидаги фикрлари коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда нақадар муҳим аҳамият касб этишини яққол кўрсатиб беради: “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”.
Давлат бошқарувининг кўплаб тармоқлари қаторида Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, фаолиятни рақамлаштириш, очиқликни таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган қисқа вақт мобайнида:
давлат кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини хусусий секторга реализация қилиш ва ижарага беришнинг очиқ ва шаффоф усули ҳисобланган онлайн-аукцион тизими жорий этилди;
иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилиб, давлат иштирокидаги мавжуд корхоналарнинг фаолияти очиқлиги таъминланди;
баҳоловчи ва риэлторлар малака сертификатини, баҳоловчи тоифа гувоҳномасини ҳамда суд бошқарувчиси малака аттестатини беришда инсон омилидан воз кечилиб, жараён тўлиқ рақамлаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида “коррупциядан ҳоли” муҳитни яратиш, бюрократия ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига батамом чек қўйиш бўйича амалий ҳаракатларни изчил давом эттирамиз.
Азиз юртдошлар, соҳанинг фидойи заҳматкашлари!
Коррупцияга қарши курашиш барчамиз учун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми, асосий вазифаларимиздан бирига айланиши керак. Зеро, Давлатимиз Раҳбари Ш.Мирзиёев айтганларидек – “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.”.
Шундай экан, Давлат активлари агентлиги тизимидаги ҳар бир ходим ўз фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга ва унга чек қўйишга масъул эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ўз навбатида, фуқароларимизга тизим ходимларининг ҳар қандай коррупциявий ёки бошқа турдаги ноқонуний хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлганингизда, шунингдек ходимларнинг бундай ҳаракатларга алоқаси борлиги ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлганингизда, Давлат активлари агентлигининг “1082” қисқа рақами, 71-259-21-37 “Ишонч телефони”, “@davaktiv_murojaat_bot” расмий телеграм боти ёки “cs@davaktiv.uz” электрон почта манзили орқали ўз мурожаатларингизни йўллашингиз мумкинлигини маълум қиламан.
Сўзим сўнгида, Давлат активлари агентлиги тизимида меҳнат қилаётган барча ходимларни коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажаришга чақириб қоламан.
Ҳурмат билан,
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш
агентлиги директори Соҳибжон Муродов

