Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Июнь 2025

1 июлдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Пенсия ва нафақалар миқдори оширилади, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади, қурилишда эскроу ҳисобварақлари тизими ишга тушади, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон шакли тан олина бошланади — Ўзбекистонда 1 июлдан нималар ўзгаради?

1 июндан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар кучга киради. Шарҳ Gazeta, Адлия вазирлиги ва Lex.uz сайтлари материаллари асосида тайёрланди.

Пенсия ва нафақалар ошади

Ўзбекистонда 1 июлдан пенсия ва нафақалар 10 фоизга оширилади. Тегишли президент фармони иловасида фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари ҳам келтириб ўтилган:

  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 820 минг сўм;
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (918 минг сўмдан) 1 млн 12 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 1 млн 12 минг сўм;
  • меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 1 млн 12 минг сўм.

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори қуйидагича бўлади:

  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 360 минг сўм,
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 275 минг сўм,
  • оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча — 165 минг сўм;
  • оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 110 минг сўм.

Кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори — 420 минг сўм.

Ногиронлар учун пенсия автоматик равишда тайинланади

1 июлдан бошлаб ногиронлар (I ёки II гуруҳ) пенсия ва компенсация олиш учун ариза топширишлари шарт эмас — тўловлар автоматик тарзда тайинланади. Бундан ташқари, фуқаро проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиши мумкин бўлади.

  Шунингдек, кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларга, ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга автоматик равишда компенсациялар ҳисобланади.

Тадбиркорларнинг зиплайн ва канатли парклар яратиш харажатлари қисман қоплаб берилади

Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан 2027 йил 1 январгача тадбиркорлар тоғ ва чўлларда зиплайнлар ва канатли парклар (тайпарклар) ташкил этиш учун 100 млн сўмгача субсидиялар олишлари мумкин бўлади:

  • узунлиги камида 200 метр бўлган зиплайн — 100 млн сўмгача;
  • 150 квадрат метрдан ортиқ майдонли тайпарк — 80 млн сўмгача.

Субсидиялар объектлар фойдаланишга топширилгандан сўнг ажратилади.

Болалар учун контент яратувчиларга солиқ имтиёзлари берилади

2025 йилнинг 1 июлидан 20230 йилнинг 1 январигача йиллик даромадининг камида 80 фоизини болалар учун контент яратишдан оладиган компаниялар фойда солиғи тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди. Бундан ташқари, болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларда фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.

Бир қатор компаниялар тўлов хизматларига уланади

Ўзбекистонда 1 июлдан аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, шунингдек, газ, нефть маҳсулотларини сотувчи ва мол-мулкини ижарага берувчи компаниялар электрон тўлов тизимларига уланиши шарт.

Электрон тўловларни қабул қилишни рад этиш терминаллар орқали тўловни рад этишга тенглаштирилади ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

11 та давлат хизмати хусусий секторга ўтказилади

1 июлдан бошлаб тиббиёт муассасаларини аккредитациядан ўтказиш, ҳисоблагичларни текшириш ва транспорт воситаларини экологик сертификатлаш каби 11 та давлат хизмати хусусий секторга ўтказилади (рўйхат).

Фуқароларнинг қуёш батареялари ва иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

1 июлдан бошлаб Энергия самарадорлиги миллий агентлиги аҳолининг турар жой биноларининг энергетика аудитини ўтказиш, шунингдек, энергия тежайдиган ускуналарни ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратишни бошлайди.

Хусусан, субсидиялар қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин БҲМнинг 50 бараваридан (18,75 млн сўм) ошмаган миқдорида ажратилади.

Субсидиялар фақат 2025 йил 1 сентябргача ишга туширилиши режалаштирилган Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали сотиб олинган ускуналарга тегишли.

Умумий қурилишда эскроу ҳисоб тизими ишга туширилади

1 июлдан 2025 йил 31 декабргача қурилишга улушдорларнинг маблағларини жалб қилиш эскроу ҳисобварақлари орқали ҳамда ҳозирда амалда бўлган улушли иштирок этиш тартибида тўғридан-тўғри жалб қилиш механизми бўйича параллель равишда тарафларнинг танловига кўра бўлади.

Бироқ 2026 йил 1 январдан бошлаб, қурилишни молиялаштиришнинг ягона йўли эскроу ҳисоб тизими орқали амалга оширилади.

Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Россиянинг ДОМ.РФ давлат компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири бу ташаббус фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилишини ва қурувчилар пул олиб, лекин биноларни қурмаслик каби фирибгарлик схемаларини истисно қилишини маълум қилган эди.

Уй-жой қурилишида «Ягона ҳаёт цикли» тамойили жорий этилади

1 июлдан «Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойилини амалга ошириш бошланади. Янги тартиб лойиҳаларни улушдорлик асосида қуриш жараёнида улушдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қурувчилар улушдорлар маблағини фақат нотариал тасдиқланган шартномалар орқали жалб қилиши мумкин. Қурилиш ишларининг камида 30 фоизи девелоперларнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилиши керак.

Улушдорлар қурувчини электрон платформа орқали текшириши мумкин бўлади

1 июлдан уй-жой қурилиши бўйича электрон платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Унда қурувчилар лойиҳаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилиши керак. Харидор платформада қурувчининг рейтинги, аввалги ишлари, муддатларга амал қилиши ва бошқа маълумотларни текшириши мумкин бўлади.

1 июлдан бошлаб электрон уй-жой қурилиш платформасини ишга тушириш режалаштирилган.Харидорлар платформада қурувчининг рейтинги, аввалги лойиҳалари, обектларни етказиб бериш муддатларига мувофиқлиги ва бошқа маʼлумотларни текширишлари мумкин боʻлади.

Улушдорларнинг маблағларини жалб қиладиган қурувчилар қуйидагиларни платформага жойлаштириши керак:

  • қурилаётган бинонинг аниқ манзили;
  • қаватлар, кириш йўлаклари, хонадонлари ва нотурар жойлар сони;
  • майдон ва унга туташ ҳудуд;
  • молиялаштирувчи тижорат банки тўғрисидаги маълумотлар;
  • сотилган турар ва нотурар жойлар;
  • лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси;
  • қурилишни бошлаш санаси ва фойдаланишга топшириш муддати;
  • қурилиш ҳолати ва бошқа маълумотлар.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон шакли ҳам расман тан олинади

1 июлдан шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларнинг my.gov.uz даги электрон шакли расман тан олинади. Уларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропорт, вокзал каби тегишли ҳужжатларни сўрайдиган ташкилотларда талаб этилмайди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган электрон савдо платформалари фаолияти тақиқланади

1 июлдан электрон тижорат операторлари (электрон савдо платформаси, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати операторлари) Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мажбурий бўлади.

Платформалардаги барча операторлар ва сотувчилар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар электрон тижорат доирасида тўловларни алоҳида банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширишлари шарт.

Фуқаролар учун «яшил» таъмир кредитлари субсидияланади

Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари учун кредитлар ва субсидиялар ажратила бошланади. Дастур аҳоли ва энергия хизмати компанияларини қамраб олади, шунингдек, уй-жойларни «яшил таъмирлаш» учун имтиёзли кредитлаш шартларини кўзда тутади.

Аҳолига бериладиган «яшил таъмир» кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисми агентлик маблағлари ҳисобидан қопланиши режа қилинган. Қоплаш ставканинг 19 фоиздан юқори қисмини, аммо 4 фоиз пунктидан ошмайдиган миқдорини ўз ичига олади.

15 та шаҳар ва тумандаги ҳукумат бинолари тадбиркорларга берилади

1 июлдан бошлаб 15 та шаҳар ва туманидаги барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирила бошлайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, коммунал хизматлар ва тиббиёт муассасалари бундан мустасно.

Гап Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғалларол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот туманлари ҳамда Янгийўл, Марғилон шаҳарлари ҳақида кетмоқда. Мазкур рўйхатга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифига асосан Вазирлар маҳкамасининг баённомаси билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Лойиҳа идораларининг тавсиялари асосида 10 минг квадрат метргача бўлган бўш турган давлат объектлари юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларга 5 йил муддатга текин фойдаланишга берилади.

Кичик ва ўрта бизнес янги талаблардан ҳимояланади

2025 йилнинг 1 июлидан 2028 йилнинг 1 январигача кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторийэълон қилинади.

Тадбиркорларга янги тартибга солиш воситаларини белгилашни ёки амалдагиларини кучайтиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан «ягона санадан янги қоидалар» тамойили қўлланади. Яъни ушбу нормалар 1 январь ёки 1 июлдан кучга киради.

86 турдаги товарга экспорт божхона божлари жорий этилади

1 июлдан 86 турдаги товарлар, жумладан, гўшт маҳсулотлари, буғдой, дон, гуруч, минерал ўғитлар, чарм хомашёси, табиий газ ва бошқалар учун экспорт божлари жорий этилади ҳамда уларнинг ставкалари тасдиқланади. Мақсад экспорт тартибини ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш экани таъкидланган.

Чегарани кесиб ўтишда мажбурий автосуғурта жорий этилади

1 июлдан бошлаб чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш жорий этилади. Ушбу ҳолатда:

  • суғурта полиси бевосита божхона постига кириш вақтида божхона органларининг ахборот тизимлари орқали расмийлаштирилади;
  • чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полиси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Жамоат транспорти учун ҚҚС имтиёзи бекор қилинади

1 июлдан бошлаб ягона тариф бўйича йўловчи ташиш хизматлари айланмаси учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз бекор қилинади.

Имтиёз шаҳар жамоат транспорти (таксилар, жумладан, йўналишли таксилар мустасно) ва шаҳарлараро поездларда ташишга нисбатан қўлланилади.

Якка тартибдаги тадбиркорларга уй шароитида мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилади

1 июлдан бошлаб ўз уйларида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларга мебел ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2027 йилнинг 1 июнига қадар мебель ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини (CRM, ERP, PLM каби) рақамлаштириш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ беш минг доллардан ошмайдиган қисми қопланади.

Импорт қилинган дори воситаларини фақат расмий импортчилар ва уларнинг дилерлари сотиши мумкин бўлади

1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори воситаларини уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга сотиш фақат импорт қилувчи ташкилотнинг ўзи ёки унинг расмий дилерлари томонидан — электрон ҳисоб-фактура асосида амалга оширилади.

Демак, импорт қилинган дори воситаларини фақат ўзлари импорт қилган корхоналар ёки уларнинг расмий дилерларигина сотиши мумкин бўлади. Мустақил брокерлар ва рухсатсиз ташкилотлар бундай дори воситаларини қонуний равишда сота олмайди.

Оғир ҳолатларни даволаш учун шифокорларга бонуслар берилади

1 июлдан бошлаб республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида касалликнинг оғирлик даражаси ва даволашнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, махсус кўникмаларни талаб қиладиган даволаш чораларини кўрган ҳамда юқори хавф даражасига эга бўлган амалиётларни самарали амалга оширган шифокорларнинг ойлик лавозим маошларига 25 фоиздан 100 фоизгача устама тўлаш тизими жорий қилинади.

 

Манба; Gazeta.uz

 

 

9 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech