Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини (Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини) масофадан туриб хусусийлаштиришлари мумкин
Фуқаролар ўзларига тегишли ҳовли-уйлар (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) жойлашган ер участкасини қандай хусусийлаштиради?
Бугунги кунгача ер участкаларини тадбиркорлик фаолияти учун бериш, яъни аукцион орқали сотиш амалиёти мавжуд эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 й 14 февралдаги 71-сонли қарори билан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун асосида 3 та тартиб ишлаб чиқилди:
- Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби;
- Тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукционга қўйиш;
- Якка тартибдаги уй-жойларнинг ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиб олиш.
Фуқароларимизда якка тартибдаги уй-жой, юридик шахсларда эса нотурар бино-иншоотлар мавжуд. Улар ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг ер участкасини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириб олиши мумкин бўлади (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ерни хусусийлаштириш мумкин бўлмайди).
Ерни хусусийлаштириш учун қанча маблағ тўланади?
Барчамиз ер участкасига ер солиғи тўлаймиз. Мулкдорлар, ердан фойдаланувчилар учун хусусийлаштириш тўлови мазкур ер участкаси учун ҳисобланган ер солиғи миқдорининг 20 баробари деб белгиланган.
Масалан: агар фуқаро битта ҳовлига бир йилда 200 минг сўм солиқ тўлайдиган бўлса, (бунда мол-мулк солиғи қўшиб ҳисобланмайди, айнан ер участкасига тўланадиган солиққа нисбатан ҳисобланади), хусусийлаштириш учун 2 млн сўм тўлов амалга оширилади. Мана шу тўлов амалга оширилгандан кейин маълумотлар биллинг тизимида ҳисобга олиниб, давлат органлари томонидан ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Мазкур ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.
Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзи сотиб олиши мумкин. Бу аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкалари эса аукцион савдолари орқали шаффоф тарзда сотиб олинади.
Ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий: лекин бундан фуқарога нима фойда?
Биринчидан, ерга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўласиз.
Дейлик, “ҳовлимнинг бир қисмини ўғлимга ҳадя қилмоқчиман ёки кимгадир бермоқчиман, ярмини сотмоқчиман”, дейсиз. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ер участкасини қисмларга бўлиб сотиш имконини беради. Қанчасини кимга сотиши мулкдорнинг хоҳиши, ер – ўзиники.
Иккинчидан, ерни сиздан давлат олиб қўя олмайди, фақат сотиб олиши мумкин.
Қонунчиликда давлатга тегишли ерлар ёки бошқа шахслар фойдаланишида бўлган ерлар олиб қўйилиши назарда тутилади. Мулк ҳуқуқидан бошқа 5та ҳуқуққа тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши мумкин. Сиз ерингизга нисбатан мулк ҳуқуқини олишингиз билан (хусусийлаштириш орқали) давлат шунчаки сизга тегишли бўлган ерни олиб қўя олмайди.
Агар ер участкаси давлатга керак бўлса, сиздан бозор нархида, шартнома асосида сотиб олиши мумкин. Сиздан давлат ерингизни келишилган нархда сотиб олсагина, ер давлатга ўтади. Ер “снос”га тушиб кетмайди. Бу – мулк ҳуқуқининг кафолатланиши.
Давлатга ер керак, барибир олиб қўяди, мен сотишга рози бўлмасам ҳам, шундайми?
Ер кодексида ер бу давлат мулки деган нарса йўқ, ер – умуммиллий мулк дейилади.
Чет элда ҳам ер участкангиз 100 миллион сўм турадиган бўлса, сизга шундай таклиф бериладики, сиз унга рози бўласиз, сиз рози бўлсангиз, шартнома асосида сотиб олади.
Туркияда ҳам шундай ҳолат бўлган. Аэропорт қурилаётганда давлат бир бобонинг ерини сотиб ололмаган. Бутун лойиҳа бир неча йилга кечикиб кетган. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Сиз хоҳласангиз, ерингизни сотасиз.
Учинчидан, ерингизни эркин қўшиш, тақсимлаш ва ажратиш ҳуқуқига эга бўласиз.
Қонунчиликда шу кунгача мулк ҳуқуқи ер участкасига нисбатан бўлмаган. Ер участкаларини қўшиб юбориш, ажратиш ва қайта тақсимлаш механизмлари бор. Шу механизмлар ер участкасига мулк ҳуқуқи бўлгандагина ишлайди. Бу Ўзбекистон шароитида янги нарса бўлгани учун бунинг самараси 1-2 кунда кўринмайди. Бунинг учун маълум ҳудудда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи кўпайса, механизмлар эффектини кўрамиз.
Оддий мисол, чет элда шунақа ҳолатлар бор, бир ҳудудда 20та ер участкаси бор, умумий нархи 1 млн доллар. Шаҳарсозлик эҳтиёжларига қараб 20та ер участкаси эгалари келишиб, ер участкасини қайта тақсимлаш ҳисобига ер нархини 3-4 баробар қимматга ошириши мумкин. Бунда умумий нарх 3-4 миллионга етади. Буни энди аҳоли тиғиз жойларда кўриш мумкин.
Тўртинчидан, ердан гаров сифатида фойдаланиш имконияти
Ерга нисбатан мулк ҳуқуқини олганингиздан кейин ундан гаров обекти сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб ипотека олиш имконияти ҳам юзага келади.
Бу муҳим!
Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзигина сотиб олади. Бу аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.
Ер участкаларини хусусийлаштириш учун жисмоний ва юридик шахслар my.gov.uz https://my.gov.uz/oz/service/313 ушбу манзил орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин