Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

16 Апрель 2025

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Андижонда ҳавас қилса арзигулик ўзгаришлар бўлаётганини қайд этди.

"Кеча вилоятдаги ишлар билан танишдим, оддий одамлар билан гаплашдим. Ишонч билан айтишим мумкинки, бу заминда Янги Ўзбекистон шукуҳи ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб улгурган.

Бу – ислоҳотларимизнинг энг катта натижаси, десак, тўғри бўлади", - деди давлатимиз раҳбари.

Андижон ҳамма соҳада ислоҳотлар ижросига астойдил киришиб, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришларни тез олиб кираётган ҳудудлардан бири экани таъкидланди.

Ўтган йили вилоятда 4 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлади, 51 та корхона кичикдан ўрта тоифага ўтди, 13 таси йириклашди. Бир йилда 450 минг аҳоли ишли бўлди.

Вилоятда 1,5 миллион квадрат метр турар жой ва 850 минг квадрат метр нотурар объектлар қад кўтарди. Бунинг ҳисобига ўтган йили савдо ва хизматлар 13 фоизга, саноат 7,5 фоизга ошди.

"Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Одамлар ҳар куни изланиб, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқаяпти, олдимизга катта-катта масалаларни қўймоқда", - деди Президент.

Шуни ҳисобга олиб, вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилиши айтилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 16 та шаҳар ва туман ҳокимлари аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

"Дунёдаги бугунги иқтисодий тебранишлар шароитида ҳар бир ҳоким фавқулодда масъулият олиши лозим", - деди давлатимиз раҳбари.

Сўнгги саккиз йилда Андижонда дастгоҳсозлик саноати 20 карра ўсгани қайд этилди.

"Кеча ярмаркада кўрдим. Вилоятда бу борада катта мактаб шаклланиб улгурди, янги корхона қиламан, деган тадбиркорлар ҳам кўп. Лекин икки йилда вилоятга четдан 1 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган. Уларни ишлаб чиқаришни қанча тез ўзлаштирсак, иқтисодиётни янги технологик босқичга ўтказишда энг муҳим қадам бўлади",
- деди давлатимиз раҳбари.

Масалан, Булоқбошидаги “Молекуляр кимё” корхонаси республикада ягона бўлган бўяш дастгоҳларини ишлаб чиқаришни бошлаган. Мутасаддилар яна 10-15 та шундай тадбиркорни топиб, уларга шароит қилиб берса, вазият мутлақо ўзгариши таъкидланди.

Афсуски, бундай тадбиркорларга ускунаси учун сертификат олиш, рўйхатдан ўтказиш жараёни қийинлиги, узоқ вақт талаб қилгани сабабли улар лойиҳаларга пул тикишдан хавфсираяпти. Масъулларга улар билан яқин мулоқот ўрнатиш ва лойиҳаларига кўмаклашиш топширилди.

Бундан ташқари, машинасозлик-конструкторлик ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш Андижондан бошланиши белгиланди.

Жумладан, тармоқлар раҳбарлари тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, автомобилсозлик каби “драйвер” соҳаларда талаб юқори бўлган камида 5 турдаги импорт ускунасининг техник кўрсаткичини ўрганади. Уларнинг конструкторлик ечимларини маҳаллий корхоналарга таклиф қилади. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Олтинкўлдаги тадбиркор зовурни ёпиқ тизимга ўтказиб, 1,1 гектарда 20 та савдо ва сервис объекти қурган. Туман ҳокимлари ҳеч бўлмаганда 30 километр зовурни шу тизимга ўтказса, 1 мингта савдо-сервис объекти, 10 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга бутун республика бўйича трасса бўйидаги камида 300 километр зовурларни белгилаб, тадбиркорларга таклиф қилиш топширилди. Йил якунигача Олтинкўл тажрибаси асосида 10 мингта савдо-сервис жойи ва 100 мингта иш ўрни яратилиши белгиланди.

Шунингдек, вилоятдаги 21 минг гектар адирни 13 минг гектарига сув чиқариб, экин экиш мумкин. Мутасаддиларга республикадаги барча қир ва адирлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Бундай ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электр энергияси нархи деҳқонларга оғирлик қилишини инобатга олиб, қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментларни тезроқ ишлатиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

 

9 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech