Акциялар ва сармоялар ҳақида гапирганда, кўпинча "дивидендлар" сўзи қулоққа чалинади. Хўш, дивидендлар нима ва улар қандай ишлайди? Келинг, буни оддий сўзлар билан тушунтиришга ҳаракат қилайлик.
Дивидендлар нима?
Дивидендлар компания фойдасининг бир қисми бўлиб, у компания акциядорлари ўртасида тақсимланади. Содда қилиб айтганда, агар сиз компаниянинг акцияларига эга бўлсангиз, компания даромадининг бир қисмини пул маблағлари шаклида олишингиз мумкин. Ушбу жиҳат компаниянинг акцияларига эгалик қилиш учун ўзига хос "мукофот" саналади.
Дивидендлар қандай ишлайди?
Компания даромад топганида, унинг акциядорлари даромадни қандай тақсимлаш масаласини ҳал қилади. Пул маблағларининг бир қисми бизнесни ривожлантириш, масалан янги филиаллар очиш ёки янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сарфланиши мумкин. Бошқа муайян бир қисми эса акциядорлар учун дивидендлар тўловига йўналтирилиши мумкин.
Дивидендлар ҳар бир акция учун тўланади. Масалан, агар Сизда компаниянинг 10 та акцияси бўлса ва компания ҳар бир акция учун 1000 сўмдан дивиденд тўлашга қарор қилса, сиз 10 000 сўм даромадга (1000 сўм х 10 та акция) эга бўласиз.
Дивидендлар қандай муддатларда тўланади?
Дивидендларни тўлаш муддатларини белгилаш компанияга боғлиқ ҳисобланади. Айрим компаниялар ҳар чоракда (яъни, ҳар уч ойда), айримлари - ҳар олти ойда ёки йилда бир марта дивиденд тўловларини амалга оширадилар. Бундан ташқари, компания агар унга ривожланиш учун кўпроқ маблағ зарур бўлса, вақтинча дивидендлар тўламасликка қарор қилиши мумкин.
Дивидендларни ким олади?
Дивидендлар тўлов амалга оширилаётган пайтда компания акцияларига эга бўлган акциядорларга берилади. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, барча компаниялар ҳам дивидендлар тўламайди. Мисол учун, фаол ривожланаётган ва барча ресурсларини ривожланишга сарфлаётган компаниялар умуман дивиденд тўламаслиги мумкин. Улар даромадларини компанияни ривожлантириш учун йўналтиришни афзал кўрадилар, бу эса келгусида акциялар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
Компаниялар нима сабабдан дивидендлар тўлайдилар?
Компаниялар бир неча сабабларга кўра дивидендлар тўлайди:
- Сармоядорларни жалб қилиш. Кўпгина одамлар учун дивидендлар олиш имконияти компания акцияларини сотиб олиш учун жиддий сабаб ҳисобланади.
- Акциядорларни рағбатлантириш. Ушбу жиҳат акциядорларга бизнесга қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдириш усулидир.
- Ишонч. Дивиденд тўловлари компаниянинг барқарорлигидан ва унинг акциядорлар билан бўлишиш учун етарли даромадга эга эканлигидан далолат беради.
Дивидендларнинг қандай турлари мавжуд?
Дивидендлар турли хил бўлиши мумкин:
- Пул маблағларидаги дивидендлар. Бу дивиденднинг энг кенг тарқалган тури бўлиб, компания ўз акциядорларига пул кўринишидаги дивидендлар тўлайди.
- Акциялар кўринишидаги дивидендлар. Баъзан компания пул маблағлари ўрнига қўшимча акцияларни тақсимлаши мумкин. Бу шуни англатадики, акциядорлар пул маблағлари эмас, балки кўпроқ акцияларга эга бўладилар.
- Махсус дивидендлар. Бу компания йирик даромадга эга бўлган тақдирда амалга ошириладиган бир марталик тўлов ҳисобланади.
Компания дивидендлар тўлаш-тўламаслигини қайердан билиш мумкин?
Одатда, дивидендларни тўлаш ҳақидаги маълумот компания веб-сайтларида ёки янгиликларда эълон қилинади. Шунингдек, қайси компаниялар дивидендларни тўлаши ва уларнинг тўлов тарихи қанақа эканлигини билиш учун ўз брокерингизга мурожаат қилишингиз мумкин.
Барча компаниялар ҳам дивиденд тўламайди. Янги ташкил этилган компаниялар ёки фаол ривожланиш даврида бўлган компаниялар ҳеч қандай дивиденд тўламаслиги мумкин, чунки улар ўзларининг барча даромадларини компанияни ривожлантириш мақсадларига йўналтирадилар.
Демак, дивидендлар акциялар нархи ўзгармаса ҳам, даромад олишнинг ажойиб усули ҳисобланади. Компаниялар ўз даромадларини акциядорлар билан бўлишади ва агар Сиз акцияларга сармоя киритишга қарор қилсангиз, бу сизнинг даромадингизнинг муҳим қисми бўлиши мумкин.