Ўзбекистонда давлат активларини реализация қилишнинг янги механизмлари жорий этилиб, инвесторлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратилмоқда ва хусусий секторнинг имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-177-сон Фармонига мувофиқ, хусусийлаштириш дастури доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер участкалари савдога чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади.
Бундан ташқари, аввал сотилмаган 84 та актив бошланғич нархи 1 миллион сўм этиб белгиланиб, қайта аукционга чиқарилади.
Савдога чиқариладиган активларнинг умумий қиймати 100 триллион сўмни ташкил этади. Уларни реализация қилишдан йил якунига қадар камида 14 триллион сўм тушум олиш кутилмоқда.
Фармон билан тадбиркорларнинг таклифлари асосида давлат активларини реализация қилишнинг янги механизмлари жорий этилиб, уларни харид қилиш янада қулайлаштирилади.
Хусусан, активни харид қилишда аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади (аввал 35 фоиз эди), қолган миқдорни эса фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаш мумкин бўлади (аввал ўртача 14 фоиз устама қўлланилган).
Йирик битимлар учун қўшимча тўлов шартлари ҳам белгиланади: “__________”
- актив қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаган харидорларга 25 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади (аввалги тартибга кўра, тўлов бир ой ичида тўлиқ амалга оширилганда 14 фоиз чегирма берилган);
- актив қийматининг 35 фоизини уч ой ичида тўлаш шарти билан қолган миқдорни 5 йилгача, 50 фоизини олти ой ичида тўлаш шарти билан эса 7 йилгача фоиз ҳисобланмаган ҳолда бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Савдоларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида активларни сотишнинг янги механизмлари жорий этилади. Агар актив уч ой давомида сотилмаса, нархни босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилади.
Айрим ҳолларда “гибрид аукцион” механизми ҳам қўлланилиши мумкин бўлиб, у савдо жараёнида нархни пасайтириш ва кейинчалик ошириш механизмларини бирлаштириш имконини беради.
Энг муҳими, ушбу янги механизмлар ва имтиёзлар давлат иштирокидаги тижорат банклари балансидаги активларни реализация қилишда ҳам қўлланилиши мумкин.
Қабул қилинган ҳужжатда ер участкаларининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ер участкаларини “тайёр пакет” тамойили асосида сотиш механизми жорий этилиб, бунда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар олдиндан тайёрланади.
Шу билан бирга, йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш ҳамда хусусий инвесторлар ва молиявий воситаларни жалб этиш имкониятлари яратилади.
Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш давлатнинг иқтисодиётнинг рақобатли тармоқларидаги иштирокини янада қисқартириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва давлат активларидан янада самарали фойдаланишга қаратилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати

